Тожикистон Афғонистон билан чегарадош ҳудудда хавфсизлик чораларини кучайтирди
Тожикистон Афғонистон билан чегарада хавфсизликни кучайтирди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Тоғли Бадахшон автоном вилояти раиси Ёдгор Файзовнинг сўзларига кўра, айни пайтда чегарачилар юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилган.
«Афғонистондаги хавфли вазият бизни ички барқарорликни таъминлашга чақиради, давлат чегараси бузилишининг олдини олиш учун чегарачилар шай ҳолатга келтирилган», — дея маълум қилган Файзов.
Вилоят раисининг қўшимча қилишича, чегарадаги вазият ёмонлашганда Афғонистондан мажбурий қочқинларни қабул қилишга ҳам тайёр.
«Иқтисодий ва сиёсий имкониятларимизни ҳисобга олган ҳолда 10 мингдан ортиқ афғон қочқинларини қабул қилишга ва уларга ғамхўрлик қилишга тайёрмиз», — дея қўшимча қилган у.
Маълум қилинишича, Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо ҳозир ўша ҳудудда бўлиб, Афғонистон билан чегарадаги вазиятни ўрганмоқда.
«Қўшни давлатдаги вазият хавфли экани маълум, шунинг учун биз ҳар доим юқори даражада ҳушёр туришимиз керак», — дейди Файзов.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати сабаб тожик–афғон чегарасидаги вазият оғир экани маълум қилинган. Шунингдек, қирғиз–тожик чегарасидаги можаро оқибатида етказилган зарар миқдори очиқланганди.