Тошкентдаги бозорда сифатсиз гўшт сотилаётгани аниқланди
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида сифатсиз гўшт сотилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, туман ветеринария бўлими билан ҳамкорликда тумандаги «Эски жува» деҳқон бозорида текширув ўтказилган. Унда фуқаро Ж.Т. тегишли ҳужжатлари бўлмаган сифатсиз гўшт маҳсулотларини сотиш билан шуғулланиб келаётгани аниқланиб, жами 72,5 килограмм мол гўшти ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қашқадарёда салкам ярим тонна номаълум ҳайвон гўштини олиб кетаётган ҳайдовчи ушлангани ва Бухорода 2 ҳайдовчи ҳужжатсиз гўшт олиб кетаётгани аниқлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Қашқадарёда салкам 2 тонна сифатсиз гўшт йўқ қилинган.