Қашқадарёда қизларнинг фотошоп қилинган расмини тарқатмаслик учун пул сўраган 2 йигит ушланди
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида қизларнинг фотошоп қилинган расмини тарқатмаслик учун пул талаб қилган икки йигит ушланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Шаҳрисабз шаҳри ва Муборак туманида яшовчи икки йигит Деҳқонобод туманида яшовчи икки нафар қиз билан Telegram орқали танишиб, уларнинг расмларини олишган. Шундан сўнг расмларни фотошопда қайта ишлаб, уларни интернетда тарқатиш билан қўрқитган. Қизлардан бу ишни қилмаслик эвазига эса пул талаб қилган.
Таъкидланишича, қизлар туман ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, мазкур ҳолат ҳақида хабар берган. Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатларида гумондор йигитлар қўлга олинган.
Мазкур ишни Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судида кўриб чиқилиб, судланувчиларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Шунингдек, судланувчилар қамоқда ўтирган ҳар бир сутка учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида жарима тўлаши белгиланган.
Аввалроқ Жиззахда 43 ёшли эркакдан ўзаро ёзишмаларни тарқатмаслик учун 600 доллар талаб қилган аёл ушлангани ва Тошкентда фуқаронинг шахсий маълумотларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган аёллар қўлга олингани хабар қилинган. Шунингдек, Самарқандда ёзишмаларни хотинига кўрсатиш билан қўрқитиб, эркакдан пул талаб қилган аёл ушлангани маълум қилинган.