Россияга қанча меҳнат муҳожири керак бўлаётгани маълум қилинди
Россияга 2024 йилга қадар камида 5 миллион меҳнат муҳожирини жалб қилиш кераклиги маълум қилинди. Бу ҳақда мамлакат бош вазирининг ўринбосари Марат Хуснуллинга таяниб, «Российская газета» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатда меҳнат ресурсларининг кескин танқислиги кузатилаётган бўлиб, бунга пандемия сабаб чегараларнинг ёпилиши ҳамда бир қанча бошқа омиллар сабаб бўлган.
«Минтақа раҳбарлари қанча иш ўринлари борлигини, қанча рус мутахассисларини топиш мумкинлигини, шунингдек, қанча хорижликларни жалб қилиш кераклигини аниқ билиши керак», — дейди бош вазир ўринбосари бош вазирнинг топшириғига биноан турли ёндашувларнинг ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилган ҳолда.
«Ишчилар етишмаслиги муаммосини ўқитиш, чет элликларни жалб қилиш, шунингдек, ишламайдиган нафақахўрларни сафарбар этиш йўли билан ҳал қилиш мумкин», — дея таъкидлаган бош вазир ўринбосари.
Аввалроқ мигрантларга Россияга бориши учун чартер поездлар йўлга қўйилиши мумкинлиги айтилган. Шунингдек, мигрантларнинг Россияда вақтинча бўлиш муддати узайтирилгани хабар берилганди.