Ўзбекистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқлангани бўйича маълумот берилди
Ўзбекистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқлангани ҳақида хабар қилинганди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум бўлишича, мамлакатда касалликнинг «ҳиндча» штаммидан ташқари бошқа турдаги штаммлари ҳам аниқланган. Шунингдек, пандемия даврида мазкур вазиятни нормал қабул қилиш кераклиги айтилган.
«Аслида, юртимиз аҳолиси Ўзбекистон ҳудудига коронавируснинг янги штамми кириб келадиган бўлса, бунга жиддий эътибор беришга одатланиб қолди. Эсласак, бундан аввал мамлакатимизда коронавируснинг ‘британча’ штамми илк бор аниқланганда ҳам айнан мана шундай муносабатлар, шу каби шов-шувларнинг гувоҳи бўлганмиз. Бутун Ер юзидаги мураккаб пандемия шароитида бу нарсани тўғри ва нормал ҳолат сифатида қабул қилиш лозим», — деди Нурмат Отабеков.
Шунингдек, дунёда коронавируснинг 7000 дан кўпроқ мутацияга учраган штаммлари пайдо бўлгани айтилган. Таъкидланишича, мутацияга учраган штаммлар фақат касалликнинг тарқалиш тезлиги, уни юқтириб олган одамларда енгил ёки оғир ўтиши, ёш тоифасида фарқ қилиши мумкин.
«Айтиш мумкинки, аслида коронавируснинг мутацияга учраган ва учрамаган ҳамма шатммларининг энг асосий микроорганизми ‘COVID-19’ штамми бўлган ва ушбу штамм билан номланган касалликнинг клиник белгилари, лаборатория ташхиси, профилактикаси, олдини олиш чоралари, вакциналардан фойдаланиб, ҳимояланиш даражаси бир хил бўлгани учун уларнинг чуқур этиологик омилини аниқлаш ва қандай вирус эканлигини охиригача текшириб боришга эҳтиёж йўқ.
Илғор технологиялар марказида коронавируснинг ‘ҳиндча’ штамми аниқлангани тўғрисидаги хабарга келсак, дастлабки лаборатор текширув натижалари ушбу тахминни катта эҳтимол билан тасдиқламоқда. Аммо тўғри хулосага келиш учун якуний таҳлилларни тўлиқ ўрганиб чиқиш керак бўлади», — дейди СЭОМ ходими.
Аввалроқ Ўзбекистон яқин ойларда 2020 йилнинг ёзидаги каби даҳшатни бошдан кечириши мумкинлиги хабар қилинган. Шунингдек, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева Ўзбекистонда нима сабабдан коронавирус билан касалланиш ҳолатдари кўпайиб кетаётгани ҳақидаги саволга жавоб берган.