Ўзбекистондаги хорижий таълим муассаcaлари филиалларидан талабалар ўқишини кўчиришнинг янги тартиби белгиланди
Президент қарори билан Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий таълим муассасалари филиалларидан талабалар ўқишини кўчиришнинг янги тартиби белгиланди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинган.

Маълум бўлишича, қарорда талабалар ўқишини Ўзбекистонда фаолият юритаётган филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон давлат ОТМларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчириш тартиби белгиланган. Унда:
- талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Бунда, касбий имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади;
- тест синовлари ва касбий имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари жорий йил 25 июлга қадар, кейинчалик ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади;
- ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади;
- тест синовлари ва ижодий имтиҳонлар натижалари Давлат тест маркази ҳамда олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда абитуриентларга грант ёки контрактни танлашда имконият берилиши хабар қилинган. Шунингдек, Президент раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ҳужжатларни онлайн қабул қачондан бошланиши ҳамда 2021 йилда олийгоҳларга қабул сони ўтган йилга нисбатан 13 фоизга оширилиб, 181 минг нафарга етказилиши маълум қилинган.