АҚШда 12 қаватли бино қулаб тушиши оқибатида бедарак йўқолганлар сони 150 дан ошди — видео
АҚШнинг Флорида штатидаги Майами шаҳрида 12 қаватли бино қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Ҳозиргача ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани, шунингдек, 159 киши бедарак йўқолгани маълум бўлди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Қайд этилишича, айни пайтда воқеа ҳудудида қутқарувчилар ишлаётган бўлиб, қулаган бино ичида қанча одам бўлгани аниқ эмас. Президент Жо Байден Флорида штатида фавқулодда вазият эълон қилган бўлиб, барча жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берилган.
Расмийларнинг айтишича, бинодан ҳозиргача 15 га яқин оила эвакуация қилинган. Воқеа содир бўлган пайтда аксарият аҳоли ухлаб ётган бўлган.
Таъкидланишича, қутқариш операцияси хавфли шароитларда ўтказилаётган бўлиб, доимий ёмғир ва бўронлар вазифани янада мураккаблаштирмоқда. Йўқолганларнинг қариндошлари эса қулаб тушган уйдан бир неча метр нарида жойлашган марказ олдида маълумот кутмоқда.
Полиция маълумотларига кўра, фожиага нима сабаб бўлгани ҳамон аниқланмаган. Тўлиқ текширув эса қутқарув операциясидан сўнг бошланади.
Аввалроқ АҚШда бир сутка ичида 17 та кучли торнадо содир бўлгани хабар берилган. Шунингдек, Хитойда кучли бўрон юз бергани маълум қилинганди.