Янгиликлар - 11:13 · 25.06.2021

Греция қирғоқларини ҳам шилимшиқ суюқлик қоплади — видео

Эгей денгизи шимолидаги Грециянинг Лемнос ороли қирғоқларида шилимшиқ суюқлик пайдо бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Кадр: You Tube

Греция атроф-муҳит ва энергетика вазири Костас Скрекаснинг маълум қилишича, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекторлари гуруҳи ҳодисани ўрганмоқда. Улар орол қирғоғида ифлосланиш мавжудлигини аниқлайди ва намуналарни олади. Шунингдек, уларни таҳлил қилиш учун «Демокритос» миллий табиатшунослик марказига юборади.

Қайд этилишича, сувнинг сузиш учун хавф туғдирмаслигини аниқлаш мақсадида олинган намуналар аллақачон Афинадаги лабораторияга таҳлил учун юборилган. Ҳукумат идоралар билан биргаликда оролда балиқ овлаш ва туризм соҳасида муаммо туғдирмаслик учун зудлик билан чоралар кўришга тайёрлигини билдирган.

Эгей денгизининг балиқчилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари сунъий йўлдош фотосуратлари асосида Лемнос оролида кузатилган шилимшиқ модданинг Мармар денгизини қоплаган суюқлик билан боғлиқлигини текширади. Қуруқлик ва қирғоқ сувларининг юқори аниқликдаги фотосуратларидан ташқари, олимлар дронлар ёрдамида қўшимча маълумотлар йиғмоқчи экани хабар қилинган.

Аввалроқ Туркиядаги Мармар денгизни шилимшиқ суюқлик қоплаганди. Шунингдек, ушбу шилимшиқ суюқлик қандай пайдо бўлгани айтилганди

Bugun — LIVE