Президент Сергелидаги кўприк қурилиши билан танишди — фото
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Сергели туманидаги кўприк қурилиши билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилда давлат раҳбари Сергели туманини пойтахт маркази билан боғловчи йўл ва кўприк лойиҳаси билан танишган эди. Ушбу йўлнинг муҳим қисми бўлган Қипчоқ кўчасидаги кўприк 2020 йил 26 декабрь куни очилган. Бугунги кунда ушбу кўприкдан Чўпонота кўчасигача янги йўл ва йўл ўтказгичлар қурилмоқда. Кичик ҳалқа йўли ва Салар канали устида қурилаётган кўприкнинг узунлиги 788 метр, чиқиш-тушиш қисми билан ҳисоблаганда 950 метр бўлади.
Ушбу иншоот монолит услубида, бетон аралашмаси ичидаги темир тўқималарни таранг тортиш технологияси асосида қурилмоқда. Бу хавфсиз бўлиши билан бирга қуриш учун жуда қулай. Хусусан, бу ердаги ишлар ҳам Кичик ҳалқа йўли ва темир йўлдаги қатновни тўхтатмаган ҳолда давом эттирилмоқда.

«Бу арзон, мустаҳкам, халқимизга ҳам маъқул технология. Келажакни ҳисобга олиб, ҳали кўп жойда кўприклар қурамиз. Шунинг учун мутахассислар ва талабаларни бу ерга олиб келиб, жараённи кўрсатиш, замонавий технологияларни ўргатиш керак», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу кўприкдан Қипчоқ кўчасигача 6 километр йўл қурилмоқда. Тошкент ҳалқа автомобиль йўли билан кесишган жойда туннель бўлади. Шу тариқа, пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Чўпонота кўчаси ва Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси боғланади. Ҳозирги кунда Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл — Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланмоқда. Шу боис унда қатнов жуда кўп, тирбандлик катта.

Олти қаторли янги кўприк ва йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга бўлади. Натижада Сергели туманига транспорт қатнови тирбандлиги 50 фоизга, ҳаракат вақти 20–25 дақиқага камаяди. Йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар ўрнатилади. Бўш майдонларда яшил ҳудудлар ташкил этилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ётқизилади.
Қайд этилишича, шу ерда Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Янги Ўзбекистон кўчасида йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси тақдимоти ўтказилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг ҳафталик иш графиги ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев инвестиция ва экспортни кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказгани ва Тошкент вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларининг чегаралари ўзгартирилгани маълум қилинган.