Яккабоғ тумани ҳокимлиги матбуот котиби блогерга қўполлик қилиб, телефонини олиб қўйди
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокимлиги матбуот котиби блогерга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, унинг телефонини олиб қўйди. Бу ҳолатга вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум бўлишича, блогерга вазиятни тушунтирмасдан, қўпол муомалада бўлган матбуот котиби Ш.Ҳ. фаолияти ўрганиб чиқилган. Унда котиб блогернинг телефонини олиб қўйгани ва кейинчалик қайтариб бергани аниқланган. Таъкидланишича, вазият вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ўрганилиб, ходимдан тушунтириш хати ёздириб олинган.
Шунингдек, Ш.Ҳ.га туман ҳокимлиги ички тартибда чора қўлланилиши, юқоридаги ҳолат такрорланмаслиги учун тушунтириш ишлари олиб борилгани айтилган. Шу билан бирга, блогер билан телефон орқали боғланилиб, масъул ходим йўл қўйган ҳолат ва йўриқнома тартиблари тушунтирилган.
Аввалроқ Қашқадарёда ЙПХ ходими ҳайдовчининг гувоҳномаси ва телефонини тортиб олгани хабар қилинган. Шунингдек, Иштихон ҳокимлиги матбуот хизмати ходими журналист камерасининг хотира картасини «еб қўйгани»га изоҳ берилган.