Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2021 йилнинг кузидан агроэкспресс тезюрар рефрижератор контейнерли поездларда агросаноат юкларини ташиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, 25 июнь куни Россия-Ўзбекистон логистика коридорини ривожлантириш ҳамда агросаноат импорт ва экспорт юкларини aгроэкспресс поездларида ташиш борасида ҳамкорлик бўйича келишув имзоланган. Бу Ўзбекистон агросаноат мажмуасининг экспорт маҳсулотларини етказиш бўйича хизматларни ҳамда Россиядан олиб келинадиган импорт юкларни янги сифат даражасига олиб чиқишга имкон яратади.

Telegram’даги «Нигоҳ» каналининг маълум қилишича, агросаноат юкларининг поезд орқали ташилиши Ўзбекистонда гўшт ва ун нархининг арзонлашишига сабаб бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот етказиб беради.

Ўзбекистондан Россияга дастлабки синов aгроэкспрессни (қарийб 40 вагон) 2021 йилнинг кузида жўнатиш режалаштирилган. Худди шу темир йўл состави Россиядан Ўзбекистонга қарама-қарши импорт оқимини таъминлаб беради.

Меморандум «Uzagrologistics Centers», «Россия экспорт маркази» АЖ, «РЖД Логистика» АЖ бош директорлари Ноуфалбек Сабиров, Вероника Никишина ва Дмитрий Мурев томонидан имзоланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда сабзи нархи қачон арзонлашиши маълум қилинганди.