Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 июнь куни мамлакатда карантин тартиб ва чекловларига қўшимчалар киритилганини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Хабарга кўра, сўнгги кунларда мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганини инобатга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифига биноан, бугунги кунга қадар Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилди. Унга кўра:

  • 28 июндан 12 июлга қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;
  • хавфости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ихтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгиланди;
  • 28 июндан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар — ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари — кафе, ошхона, чойхоналарнинг ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилади;
  • кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида коронавирус билан касалланиш кўрсаткичи ортиб бораётгани сабаб 18 ёшдан катта бўлганларни оммавий эмлаш бошланиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг коронавирус тарқалиши даражасига кўра рейтингда нечанчи ўриндалиги маълум бўлган.