Ўзбекистонда зўрлик ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши мумкин
Бухоро шаҳрида 23–24 июнь кунлари бўлиб ўтган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форумида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Ўзбекистонда зўрлик ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у «Bugun.uz» мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.

Сенаторнинг таъкидлашича, 2019 йилда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларига бир қанча ўзгартиришлар киритиш вақти келган. Шунингдек, Сенат томонидан 1 йилда 2 маротаба зўравонлик қилган шахсга нисбатан қўлланувчи маъмурий жазони жиноий жавобгарликка ўзгартириш таклифи берилган.
«Ҳозирда қонун ҳужжатларига бир қанча ўзгартиришлар вақти келди. 2019 йилда ‘Хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик’ бўйича қонун қабул қилинган. Ҳозирда зўравонлик қилган шахс 1 йил давомида 2 маротаба шу жиноятни қайтарса, унга маъмурий жазо қўлланилади. Бу маъмурий жазони кучайтириб жиноий жавобгарликка тортиш вақти келмадимикин деган саволлар ҳам туғилмоқда. Бу таклифни ҳам беряпмиз», — деди Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси.
У, юқоридаги қонунга асосан, ишлаётган ордер бериш жараёнларида ҳам ўзгариш кутилаётганини айтди. Бу ордер айнан аёл киши учун эмас, шахсга (хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин) берилиши кўзда тутилаётганини маълум қилди.
«Мазкур 2019 йилдаги қонун асосида ҳимоя ордери ишламоқди. Лекин пандемия пайтида ҳимоя ордерига ҳаттоки эркаклар ҳам талабгор бўлишди. Қонунга ўзгартиришнинг биринчиси бу ерда айнан аёл киши учун эмас, шахсга ҳимоя ордерини бериш кўзда тутилмоқда. Ҳозир ҳимоя ордерини олиш учун 24 соатда (1 сутка) мурожаат қилиш керак. Аёлларимиздан шундай таклифлар бўлмоқда.
Кимдир ҳижолат қилади, бориши керакми? Керакмасми? То ўйлагунча 1 сутка ўтиб кетади. Балки бунинг вақтини ҳам дунё тажрибасидан келиб чиқиб 3 суткага (72 соат) чўзиш керакдир. Ҳимоя ордери ҳозирда бир ой муддатда кучга эга. Буни 3 ой ёки 6 ойгача бериш керак, чунки 1 ойдан сўнг турмуш ўртоғи ‘Устимдан ёзадиган сенмисан?’ деб тескари реакция бўлган ҳолатларни ҳам кўряпмиз. Балки бунинг вақти чўзилса, 2 томон келишиб, ўз ишига пушаймон бўлиб, бу нарсанинг қайтарилмаслиги олдини олишга эришган бўлармиз», — деди Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси.
Аввалроқ Ўзбекистонда зўрликдан жабр кўрган қанча хотин-қизга ҳимоя ордери берилгани ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордери ким томонидан берилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда реабилитация марказларидан қанча эркак зўравонликдан ҳимоя сўрагани маълум қилинган.