Бухорода 10 дан ортиқ эркакка таносил юқтирган аёл ушланди
Бухоро вилояти Жондор туманида 10 дан ортиқ эркак билан жинсий алоқада бўлиб, таносил касаллигини юқтирган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг Бухородаги мухбири хабар берди.

Маълум бўлишича, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Қоракўл туманида яшовчи 26 ёшли аёл 25 майдан 6 июнга қадар Жондор туманида яшовчи 25–30 ёшлар атрофидаги 10 дан ортиқ эркак билан турли жойларда ўзининг таносил касаллигига чалинганини билган ҳолда жинсий алоқа қилгани аниқланган.
Таъкидланишича, аёл 20 май кунидан вилоят Тери-таносил касалликлар диспансери томонидан рўйхатга олиниб, таносил касаллигини бошқа шахсларга юқтирмаслик тўғрисида огоҳлантирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода ОИВ инфекциясини била туриб ўзгага юқтирган аёлга чора кўрилгани маълум қилинган. Шунингдек, Тошкентда шаръий никоҳидаги хотинига ОИВ юқтирган эркакка суд ҳукми ўқилгани хабар қилинган.