Россияда ҳам сабзи нархи кескин кўтарилгани тўғрисида маълум қилинди. Бу ҳақда Федерал давлат статистика хизмати (Росстат) веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Комсомольская правда»

Маълум қилинишича, 8 июндан 15 июнгача бўлган ҳафта давомида Россияда нархларнинг умумий кўтарилиши 0,12 фоизни ташкил этган ва ундан олдинги ҳафтада қайд этилган 0,16 фоиз кўрсаткичдан бир оз камроқ натижани кўрсатган.

Энг катта ўсиш сабзавотлар, айниқса, сабзи (10,2 фоиз) ва картошка (7 фоиз) нархида кузатилган. Оқ карам (4,4 фоиз) ва пиёз (1,1 фоиз) ҳам нархи кескин кўтарилган маҳсулотлар ичида қайд этилган. Бодринг ҳамда помидор эса аксинча арзонлашган. 

Умумий ҳисоботга кўра, 2021 йил бошидан буён сабзи икки баравар, яъни 102,68 фоизга, картошка 82,09 фоизга, карам эса 67,62 фоизга қимматлашган. Қайд этилишича, мамлакат бош вазири Михаил Мишустин Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини кузатишда максимал эътибор ва масъулият билан ёндашишни буюрган. 

Унинг таъкидлашича, ҳукумат чора кўрган бўлса-да, ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархлари билан боғлиқ вазият қийинлигича қолмоқда. Хусусан, 2021 йил июнь ойи охирларига келиб, сўнгги беш йилда биринчи марта инфляция йиллик ҳисобда 6 фоиздан ошган. Ушбу ҳолат Марказий банкни пул-кредит сиёсатини кучайтиришга ва асосий ставкани кетма-кет учинчи марта оширишга мажбур қилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда сабзи нархи қимматлашганига изоҳ берилган. Шунингдек, унинг нархи қачон арзонлашиши маълум қилинганди.