Британиядаги автобус бекатида Мудофаа вазирлигининг махфий ҳужжатлари топилди
Британияда Мудофаа вазирлигининг махфий «HMS Defender» кемаси ва инглиз ҳарбийлари ҳақида батафсил маълумот берилган ҳужжатлари автобус бекатида топилди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳужжатлар жами 50 бетдан иборат бўлиб, у 22 июнь куни тонгда Кент графлигидаги автобус бекатида топилган. Ҳужжатларнинг бирида Қрим соҳиллари яқинида Қироллик кемасининг Украина сувлари орқали ўтишига Россиянинг эҳтимолий муносабати муҳокама қилинади.
Шундай қилиб, Мудофаа вазирлиги Россиянинг «хавфсиз ва профессионал»дан «хавфли ва профессионал бўлмаган»га қадар учта жавоб чораларини тақдим этган.
Бундан ташқари, мудофаа бўлими дастлаб иккита маршрут вариантини тайёрлагани маълум бўлган. Улардан бири Қримдан узоқ бўлган йўналишни ўз ичига олиб, Россия томонининг шикоятига сабаб бўлмаслиги, аммо бу йўлни танлаш Британия денгиз кучларининг «қўрқиб қочиб» кетгандай туюлишига сабаб бўлиши айтилган.
Ҳужжатларда бошқа масалалар, хусусан, АҚШ бошчилигидаги НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейин Буюк Британия у ерда махсус кучларни қолдириши тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.
«BBC» нашри бу ҳужжатлар, жумладан, электрон почта хабарлари ва «PowerPoint» тақдимотлари Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли амалдорининг идорасидан олинган деб ҳисоблаган.
Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, офицерлардан бири махфий мудофаа ҳужжатлари йўқолгани тўғрисида хабар берган, қўшимча изоҳ бериш ўринли бўлмаслигини маълум қилган.
Аввалроқ Британияда Путин билан саммит ўтказиш шарти эълон қилинганди. Шунингдек, Британия Россияни душманлик ҳаракатлари юзасидан огоҳлантирган.