17:11 | 27.06.21 86

Коронавирусга қарши эмланганлар тиббий ниқоб тақиши шартми?

ЖССТ вакили бу бўйича маълумот берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Россиядаги вакили Мелита Вуйнович коронавирусга қарши эмланган фуқаролар нима учун тиббий ниқоб тақиши кераклигини айтди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «ABC News»

Келтирилишича, вирус ҳанузгача одамдан одамга юқиши сабабли эмланганлар ҳам тиббий ниқоб тақиши керак.

«Агар сиз эмланган ёки касал бўлган бўлсангиз ҳам, ниқоб тақишингиз керак. Чунки эмланган одам касал бўлмаса ҳам, вирус унинг организмидан ўтади ва бошқа одамга юқади. Шунинг учун, агар биз ўз ҳаётимизни қайтармоқчи, уни вирусдан ҳимоя қилмоқчи бўлсак, унда амалда иммунитетни шакллантиришимиз керак. Бунинг учун энг муҳими, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлашдир», — деган у.

Шунингдек, ЖССТ бош директорининг дори-дармон ва тиббиёт буюмларидан фойдаланиш бўйича ёрдамчиси, доктор Мариангела Симао вакцинанинг иккита дозаси инсонларни ҳимоя қилиш учун етарли эмаслигини айтган.

«Эмланганларнинг касаллик юқтириши тўхтамайди. Одамлар доимо ниқоблардан фойдаланишни давом эттириши, қўл гигиенасига риоя қилиши, ижтимоий масофани сақлаши ва одамлар кўп жойдан қочиши керак. Бу ҳали ҳам ўта муҳим », — деган Симао.

Аввалроқ фақат эмланганларда учрайдиган коронавирус аломати маълум бўлганди. Шунингдек, коронавирусга қарши эмланишдан олдин қандай турдаги дориларни қўллаш мумкин эмаслиги айтилганди.