Наманганда «Nexia» уриб юборган 12 ёшли қиз вафот этди
Наманган туманида 23 июнь, чоршанба куни «Nexia» уриб юборган 12 ёшли қиз вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабaр берди.

Маълум қилинишича, ҳолат соат 20:10 атрофида Наманган–Тошбулоқ–Шаханд йўлининг Катта Тошбулоқ МФЙ ҳудудидан ўтган 11-километрида содир бўлган. Автоҳалокатга Наманган туманида яшовчи 29 ёшли ҳайдовчининг бошқарув давомида ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмагани сабаб бўлган. Оқибатда йўлни кесиб ўтаётган 12 ёшли қизни уриб юборган. Пиёда тиббий муолажаларга қарамай шифохонада вафот этган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан Наманган туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Наманганда «Gentra» ҳайдовчиси 10 ёшли қизни уриб юборгани ва Бухорода «Жигули» 14 ёшли мактаб ўқувчисини уриб юборгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Самарқандда «Damas» йўл четида турган 9 ёшли болани уриб юборгани маълум қилинган.