Олимлар яна фанга номаълум бўлган одам турини аниқлади — фото
Хитойлик антропологлар Хэбэй университети музейида сақланаётган Ҳарбин бош суягини ўрганиб чиқиб, қадимги одамнинг янги тури топилганини эълон қилди. У неандерталларга қараганда кўпроқ Ҳомо сапиенсга яқинроқ ҳисобланади. Бу ҳақда «National Geographic» хабар берди.

Маълум қилинишича, бош суяги 1930 йилларда Хитойнинг Хэйлунцзян провинциясидаги Ҳарбин шаҳри яқинида топилган. Тадқиқотчилар ўрганиш давомида бош суяги қолдиқларининг ўлчамига эътибор қаратган. Илгари архаик одамларнинг бундай катта бош суяклари топилмаган. Қайд этилишича, бош суяги катталиги жиҳатидан замонавий одамнинг мияси билан таққосланадиган мияни ўз ичига олиши мумкин. Бироқ деярли тўртбурчак кўз тешиклари, қалин қош тизмалари ва кенг оғиз каби хусусиятлар Ҳомо сапиенс ва неандерталлардан фарқ қилади.

Таъкидланишича, қадимги одамларнинг янги тури Ҳомо лонги ёки «Аждар одам» деб номланган. Топилма ўтган асрнинг 30-йилларида аниқланган, аммо қарийб 90 йил давомида япон босқинчиларидан ҳимоя қилиш мақсадида қудуққа ташланган. Бош суяги 2018 йилда қайта аниқланиб, Хэбэй университетининг музейига топширилган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бош суяги тахминан 50 ёшдаги одамга тегишли. Унинг боши, кўзлари катта ва бурни кенг, бўртиқ шаклда бўлган. Таҳлил Ҳомо лонги вакиллари Шарқий Осиёда тахминан 146 минг йил олдин яшаганини аниқлашга ёрдам берган.

«Ҳомо сапиенс сингари улар ҳам сут эмизувчилар ва қушларни овлаган, мева ва сабзавотлар йиғган ва эҳтимол, балиқ тутган. Бош суяги бизга Ҳомонинг хилма-хиллиги ва қадимги одамларнинг турлари ва популяциялари ўртасидаги эволюцион алоқалар тўғрисида кўпроқ далиллар беради. Бизнинг кашфиётимиз шуни кўрсатадики, биз аниқлаган янги насл аслида Ҳомо сапиенснинг гуруҳига тегишли», — деган Хитой Фанлар академияси ва Хэбэй университети приматология ва палеоантропология профессори, тадқиқот муаллифи Сицзюнь Ни.
Аввалроқ Исроилда фанга номаълум одам суяклари аниқланганди. Шунингдек, Буюк Британияда сўнгги динозаврларнинг оёқ излари топилган.