Осиёда 20 минг йил олдин ҳам коронавирус эпидемияси бўлгани аниқланди
Халқаро олимлар гуруҳи кенг миқёсда тадқиқот ўтказиб, қадимги даврларда коронавирус одамлар орасида эпидемия келтириб чиқарганини аниқлади. Бу бўйича олимларнинг тадқиқот натижалари «Current Biology» журналида эълон қилинди.

Маълум қилинишича, Австралиядаги Квинсленд технология университети, Аризона университети, Сан-Францискодаги Калифорния университети ва Аделаида университети олимлари тахминан 20 минг йил олдин Шарқий Осиёда аҳоли орасида коронавирус инфекциясининг катта эпидемияси бўлганини аниқлаган.
«Инсон геномида ўнлаб минг йиллар давомида кузатилиши мумкин бўлган эволюцион маълумотлар бор. Бу худди дарахт ҳалқалари орқали уларнинг нечи ёшлигини аниқлашга ёрдам берувчи маълумотларга ўхшайди», — деб таъкидлаган Австралия универстети олими Кирилл Александров.
Тадқиқотчилар инсон генетик ўзгарувчанлигининг энг катта оммавий каталоги бўлган «Минг Геном» лойиҳаси маълумотларидан фойдаланган ҳолда коронавирус билан ўзаро алоқада бўлган оқсилларни кодловчи инсон генларидаги ўзгаришларни ўрганган. Кейин улар одам оқсиллари ва коронавирусни синтез қилиб, тўғридан-тўғри таъсир ўтказиш ва ҳужайраларни юқтириш учун коронавируслар томонидан қўлланиладиган механизмнинг консерватив хусусиятини аниқлаган.
Ушбу маълумотлар ҳозирги Хитой, Япония, Мўғулистон, Корея ва Тайванда яшовчи одамларнинг аждодлари COVID-19’га ўхшаш коронавирус касаллиги эпидемиясини бошдан кечирганини исботлаган.
«Эпидемия пайтида одам генларининг патогенези шуни кўрсатдики, инсонларда вирус унчалик оғир бўлмаган касалликларга олиб келган», — дейди профессор Александров.
Олимлар тадқиқот турли хил одам популяцияси геномлари яқинда инсон эволюциясининг муҳим ҳаракатлантирувчиси сифатида тан олинган вирусларга қандай мослашишини тушунишга ёрдам беришини айтган.
«Ушбу тадқиқотнинг яна бир муҳим йўналиши бу узоқ ўтмишда эпидемияни келтириб чиқарган ва келажакда буни амалга ошириши мумкин бўлган вирусларни аниқлаш қобилиятидир. Бу, асосан, потенциал хавфли вируслар рўйхатини тузишга, сўнгра якуний хулоса ишлаб чиқишга имкон беради», — дея қўшимча қилган Александров.
Маълумот ўрнида, сўнгги 20 йил ичида коронавирус инфекцияларининг ўта кучли учта тарқалиши бўлган. 2002 йилда SARS-Cov ўткир респиратор синдромга олиб келган, 2012 йилда MERS-CoV Яқин Шарқда нафас олиш синдромини келтириб чиқарган ва 2019 йил охиридан бошлаб SARS-CoV-2 пандемияси COVID-19’ни келтириб чиқарган.
Аввалроқ коронавирус яна нима орқали тарқалиши маълум қилинганди. Шунингдек, коронавирус туфайли қандай касалликлар юзага келиши мумкинлиги маълум қилинган.