Сурхондарёда «Cobalt» пиёдани уриб, воқеа жойидан қочиб кетди — видео
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 24 июнь куни «Cobalt» ҳайдовчиси пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 24 июнь куни соат 17:00 айрофида М-39 автомобиль йўлининг 1456-километрида номаълум машина шу ҳудудда яшовчи фуқарони уриб юборган ва жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан тўсиб ушлаш тезкор тадбири ўтказилганида воқеа жойида «Cоbalt»га тегишли бўлган эҳтиёт қисмлари тушиб қолгани аниқланган. Шунингдек, тезкор тадбир натижасида ушбу автомобиль Термиз шаҳри Юлдуз маҳалласида яшовчи фуқарога тегишли экани маълум бўлган ва унинг яшаш хонадонидан топилган.
Ҳайдовчи ўз хатти-ҳаракатларига қуйидагича изоҳ берган:
«Ошнам рулда эди, мен ёнида эдим. Ухлаб қолган эдим. Ошнамнинг ҳам кўзи кетиб қолган. Ҳеч нарсани билмай ухлаб қолганмиз машинада. Эрталаб турганимизда ошнам шунақа воқеа бўлди, деб айтгач, тезда акамга телефон қилиб, сўнг ЙПХ ходимларига қўнғироқ қилдик. Қўрқдим, шокка тушиб қолдим. Сал кўзим илинган экан. Қўрқса ҳам биринчи ёрдамни кўрсатиш керак экан. Шунда одамни қутқариб қолиш мумкин бўларди. Қилган ишимдан афсусдаман. Бу ишни атай қилмаган эдим».
Аввалроқ Самарқандда «Nexia-3» ҳайдовчиси велосипедчини уриб, воқеа жойидан қочиб кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, Наманганда «Malibu-2» 52 ёшли велосипед ҳайдовчисини уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетгани маълум қилинган.