Хоразмда қудуқ тозалашга тушган 2 нафар ишчи ҳалок бўлди
Хоразм вилояти Урганч туманида 26 июнь куни 2 нафар ишчи оқава сувларни ҳайдаш станциясидаги насосни тозалаш мақсадида қудуққа тушиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Хоразм сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 26 июнь куни тахминан соат 19:56 ларда Урганч тумани, Олтинкўл МФЙ ҳудудида жойлашган «Хоразм сув таъминоти» МЧЖ Урганч туман бўлимига қарашли 1-сонли оқава сув ҳайдаш станциясида (КНС) 2 нафар ишчи оқава сувларни ҳайдаш станциясидаги насосни тозалаш мақсадида қудуққа тушган. Улар техник хавфсизлик ва шахсий ҳимоя қоидаларига риоя қилмагани оқибатида, тахминан токсик газдан (сероводород) заҳарланган ва воқеа жойида ҳалок бўлган.
Аввалроқ Бухорода 9-синф ўқувчиси сув оқизиб кетиши оқибатида чўкиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда 3 киши тупроқ босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинган.