Ангренда ППХ ходими ўзини отиб ўлдирди
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 27 июнь куни патруль-пост хизмати ходими ўзини отиб ўлдирди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 27 июнь соат тахминан 13:00 да Ангрен шаҳар ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш гуруҳи ходими, сафдор 1987 йилда туғилган Бекзод Бобомирзаев Ангрен шаҳар ИИБнинг 4-қаватида ўзига бириктирилган «ПМ» табель қуролидан жағ қисмига қарата бир маротаба ўқ узган.
Бунинг оқибатида сафдор Бобомирзаев олган жароҳати сабаб воқеа жойида вафот этган. Ўз жонига қасд қилиш сабаблари Ички ишлар вазирлиги ва прокуратура органларининг махсус ташкил этилган гуруҳи томонидан ўрганилмоқда. Ҳолат ички ишлар вазирининг шахсан назоратига олинган.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари ўзини осиб, жонига қасд қилгани маълум қилинган. Шунингдек, ушбу ҳолат Ички ишлар бошқармаси, прокуратура томонидан ўрганилаётгани хабар қилинган.