АҚШда қушларни кўр қиладиган, кўпинча ўлимга олиб келадиган, айрим ҳолатларда учиш қобилиятини йўқ қиладиган номаълум касаллик тарқалмоқда. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди.

Фото: «Virginia Department of Wildlife Resources»

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилоти вакилларининг сўзларига кўра, ушбу касалликни юқтирган қушлар ҳақидаги маълумотлар дастлаб 1 май куни эълон қилинган. Бир вақтнинг ўзида бир нечта штатларда касал қушлар топилган. Касаллик аломатлари таркибига кўз шишиши, кўздан оқиш суюқлик ажралиши, шунингдек, неврологик мувозанатнинг бузилиш муаммолари киритилган.

Таъкидланишича, ҳозирда мутахассислар келтириб ўтилган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларни аниқламоқда. Виржиния штати ёввойи табиат ресурслари департаменти ветеринария шифокори Меган Кирчгесснернинг айтишича, ҳозирга қадар қушларда бу касалликнинг камида 325 ҳолати маълум.

Қайд этилишича, қушларнинг тўқималари намунаси микоплазма текширувига юборилган, аммо натижалар ҳали олинмаган. Маълумки, қушларга юқадиган микоплазма бактерияларининг кўп турлари мавжуд. Улардан энг хавфлиси бу уй қушлари ва ёввойи куркага зарар етказадиган Mycoplasma gallisepticum бактерияси ҳисобланади.

Расмийлар зарар кўрган ҳудудлардаги одамлардан касаллик сабаби аниқланмагунча ёввойи қушларни озиқлантиришни тўхтатишни сўраган. Шунингдек, улар чорва моллари эгаларига уй ҳайвонларини касал ёки ўлик қушлардан узоқроқ тутишни маслаҳат берган. Касалликнинг одамга юқиши ҳақида ҳеч қандай далил бўлмаса-да, расмийлар одамларни қушлар билан ҳам алоқа қилмасликка чақирган.

Аввалроқ Қозоғистонда номаълум касаллик оқибатида уй ҳайвонлари ҳалок бўлаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ҳиндистонда кўршапалакларда дунёдаги энг хавфли вирус аниқланганди.