Жиззахда газга ноқонуний уланган оҳак цехи аниқланди
Жиззах шаҳрида ноқонуний йўл билан табиий газ тармоғига уланган оҳак цехи аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Р. уйида ўзбошимчалик билан табиий газ тармоғига уланиб, оҳак цехи ташкил этгани аниқланган. Шунингдек, у қўлбола усулда тайёрланган оҳак пишириш печида 12 дона газ горелкасини ўрнатиб, ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келгани маълум бўлган. Оқибатда ҳудудий газ таъминоти корхонаси манфаатига 76,3 миллион сўм зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада газга ноқонуний уланиб, давлат манфаатига 184,8 миллион сўм зарар етказган оҳак цехи аниқланган. Шунингдек, Жиззахда табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланган яширин цех аниқлангани маълум қилинган.