Ҳиндистондаги дарёдан яна коронавирусдан вафот этганлар жасади чиқди — видео
Ҳиндистоннинг Ганг дарёси бўйидан коронавирусдан вафот этган деб тахмин қилинаётган яна кўплаб жасадлар топилди. Бу ҳақда «Euronews» хабар берди.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, жасадларнинг дарё бўйига чиқиб қолишига мавсумий тошқинлар сабаб бўлаётган бўлиб, Оллоҳободда аллақачон дарё бўйидан топилган 150 та жасад ёқиб юборилган.
«Жасадлар топилаётган ҳудуд аллақачон 1 километрга етди. Тахминимизча, у ерда ҳали жами 500-600 жасад бўлиши мумкин. Жасадларни топиш ва ёқиш пайтида барча эҳтиёт чоралари кўрилмоқда», — дейди маҳаллий ҳукумат аъзоси Нираж Кумар Сингх.
Қайд этилишича, гарчи анъанавий равишда ҳиндулар ўзларининг ўликларини ёқиб юборса-да, кўплаб жамоалар «jal-pravah» деб номланган, болалар, турмушга чиқмаган қизлар ёки юқумли касаллик, илон чақиши натижасида вафот этганларнинг жасадини дарёга дафн этиш одатига амал қилмоқда. Камбағал одамлар ҳам куйдиришга қодир эмаслиги сабаб мурдаларни оқ муслинга ўраб, сувга ташламоқда. Баъзан эса жасадлар сув остида қолиши учун уларга тошлар боғланмоқда.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Ҳиндистонда шу кунгача коронавирус билан касалланганлар сони 30 миллиондан ошган, вафот этганлар эса 397 000 га яқинлашган.
Аввалроқ Ҳиндистонда дарё бўйига кўмилган 300 жасад топилган хабар берилган. Шунингдек, Ҳиндистон ҳукумати фуқаролардан ўлганлар жасадини Ганг дарёсига ташламасликни талаб қилганди.