Лондондаги метро станцияларидан бирида кучли ёнғин содир бўлди — видео
Ёнғиндан сўнг катта портлаш ҳам юз берган
Лондон метросидаги «Elephant & Castle» станциясида кучли ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ёнғин хизматига таяниб, «The Guardian» хабар берди.

Лондон ўт ўчирувчиларининг сўзларига кўра, воқеа жойига 70 дан ортиқ қутқарувчилар жалб қилинган. Ёнғин бошланганидан кўп ўтмай, кучли портлаш ҳам содир бўлган. Айни пайтда ҳодиса содир бўлган станция билан туташган бошқа станциялар ёпилган ва ушбу йўналишда транспорт ҳаракати тўхтатилган.
Қайд этилишича, ўт ўчирувчилар фуқаролардан Лондоннинг ушбу ҳудудига вақтинча келмасликни, яқин атрофдаги уйларнинг аҳолисидан эса деразаларни маҳкам ёпишларини сўраган.
Полициянинг хабар беришича, ушбу воқеа террорчилик ҳаракати билан боғлиқ эмас.
Аввалроқ Сербияда қурол-яроғ омборхонаси портлаганди. Шунингдек, Буюк Британиядаги металлолом омборхонасида кучли ёнғин содир бўлганди.