«Муаммоларни ўзаро эмас, тўғридан-тўғри Путин билан ҳал қилиш керак» — Ангела Меркель
Германия канцлери Ангела Меркель Европа Иттифоқи давлатларини Россия билан муносабатлардаги муаммоларни ўзаро эмас, балки тўғридан-тўғри Россия президенти Владимир Путин билан муҳокама қилишга чақирди. Бу ҳақда унинг видео алоқа орқали иштирок этган Франция–Германия парламент ассамблеясидаги сўзларига таяниб, «Известия» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, агар ташкил этиладиган бўлса, Европа Иттифоқи–Россия форматидаги саммитда альянс давлатлари Москва билан томонларни қизиқтирган ва улар ҳамкорлик қилишни истаган барча масалаларни муҳокама қилиши мумкин бўлади.
«Ўйлайманки, ўзаро муҳокама қилишдан кўра, тўғридан-тўғри Россия президенти Владимир Путин билан ушбу масалалар бўйича мунозаралар олиб бориш ва бу борада муваффақиятли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади», — дея таъкидлаган канцлер.
Меркелнинг қайд этишича, айни пайтда Москва ва Брюссель ўртасидаги алоқалар ҳақиқатдан ҳам ёмон, аммо шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, ҳатто Совуқ уруш даврида ҳам музокаралар бўлган.
«Биз Россия билан муҳокама қилмоқчи бўлган мавзуларни аниқлаб, Россия билан қандай форматда ва қандай шароитда музокаралар олиб борилиши мумкинлигини ишлаб чиқмоқдамиз», — дея қўшимча қилган канцлер.
Аввалроқ Европа Иттифоқининг 10 га яқин давлати етакчилари Путин билан учрашишдан бош тортгани хабар берилган. Шунингдек, Ғарбнинг Россияга қарши режалари очиқланганди.