Самарқандда фуқарони ўқишга киритиб қўйиш учун пул сўраган ўқув марказ раҳбари ушланди
Самарқанд шаҳрида 26 июнь куни фуқарони тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйиш учун 7000 доллар талаб қилган ўқув марказ раҳбари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, вилоят Ички ишлар бошқармасига Р.Ш. ва М.М.лар ариза билан мурожаат қилиб, унда Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшовчи Х. ва А. Р.Ш.ни Тошкент тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйиш учун 7000 доллар сўрагани ҳамда уларга нисбатан қонуний чора кўрилиши айтилган.
Мазкур аризага асосан, Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда вилоят Жиноий қидирув бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Самарқанд шаҳридаги хусусий ўқув маркази раҳбари Б.А. хонасида ариза муаллифидан 7000 долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда фуқарони санъат институтига киритиб қўйиш учун 3500 доллар олган эркак қўлга олингани хабар қилинган. Шунингдек, Тошкентда фуқарони Сержантлар тайёрлаш мактабига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 12 000 доллар талаб қилганлар қўлга олингани маълум қилинган.