20:20 | 28.06.21 102

Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президентини қабул қилди

Учрашувда ҳамкорликнинг ривожланиш суръати ва пандемия оқибатларини енгиб ўтишда кўрилаётган чоралар алоҳида таъкидланди

Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Туркия вице-президенти Фуат Октайни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, унда икки мамлакат амалий ҳамкорлигини янада кенгайтириш ҳамда етакчи корхона ва компанияларнинг янги кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон-Туркия дўстлик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларида олий даражадаги мунтазам ва сермаҳсул мулоқот туфайли эришилган бугунги даражани юксак баҳолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўз навбатида, вице-президент Фуат Октай илиқ қабул учун Ўзбекистон етакчисига миннатдорлик билдирди ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Туркия компания ва инвесторларининг мамлакатдаги фаолиятига кўрсатилаётган катта кўмак учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиш суръати ва пандемия оқибатларини енгиб ўтиш борасида кўрилаётган чоралар алоҳида таъкидланди.

Хусусан, йил бошидан турли даражалардаги алмашинув ва мулоқотлар фаоллашди, ўзаро савдо ҳажми ва қўшма инвестиция лойиҳалари сони муттасил ортиб бормоқда. Бугун бўлиб ўтган қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг тадбирлари ва бизнес вакиллари иштирокидаги ишбилармонлик дастури якунлари мамнуният билан қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Тошкент шаҳрида ўтадиган Стратегик ҳамкорлик кенгаши иккинчи йиғилишининг кун тартибини ҳар томонлама тайёрлаш муҳим экани таъкидланди. Булар, энг аввало, товар айирбошлаш ҳажми ва кооперация кўламини ошириш, Преференциал савдо тўғрисидаги битимни қабул қилиш, қўшма саноат зонасини ташкил этиш, Туркиянинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини фаол жалб қилган ҳолда рақамлаштириш, таълим ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги дастурларни илгари суриш масалаларидир.

«Минтақавий шериклик ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди», дейилади хабарда.

Аввалроқ инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекарни қабул қилиб, суҳбат давомида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди. Унда, шунингдек, Туркия вице-президенти Фуат Октайнинг Ўзбекистонга ташрифи кутилаётгани келтириб ўтилган.