Туркия вице-президенти Ўзбекистонга келади
Туркия вице-президенти Фуат Октай келаси ҳафтада Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 25 июнь куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекарни қабул қилди. Суҳбат давомида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, келгуси ҳафтада Туркия вице-президенти Фуат Октайнинг Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди. Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши ҳамда ўзбек-турк бизнес форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Аввалроқ Қатар ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга келгани маълум қилинган. Шунингдек, Тожикистон бош вазири раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга келгани хабар қилинган.