«Amazon» шифрланган хабар алмашиш дастурини сотиб олди
Американинг «Amazon» компанияси «Wickr» шифрланган хабар алмашиш платформасини сотиб олди. Бу ҳақда «Mint» хабар берди.

Маълум қилинишича, «Wickr» шифрланган хабар, овозли ва видео қўнғироқлар ҳамда файлларни алмашишни таклиф қилади. Таъкидланишича, ушбу дастур ҳукумат ва ҳарбий идоралар орасида машҳур ҳисобланади.
«Корхона мижозлари ‘Wickr’дан ходимлар ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларнинг махфийлигини таъминлаш учун меъёрий талабларга риоя қилган ҳолда фойдаланилади», — деган «Amazon» веб-хизматларининг ахборот хавфсизлиги бўйича бош ходими Стивен Шмидт.
Шунингдек, у коронавирус пандемияси пайтида одамлар уйдан туриб ишлаши жараёнида хавфсиз алоқага талаб юқори бўлиши, «Amazon» харид қилган дастур эса хакерлар ҳужумига қарши тура олишини айтган. Компания илова учун тўланган нархни ошкор қилмаган.
Маълумот учун, «Wickr» дастури 100 фоиз номаълум бўлиб, смартфонларда, компьютерларда, шунингдек, ёзишмалар амалга ошириладиган серверларда из қолдирмайди. Дастурнинг ўзи ёзишмалар тарихини бутунлай йўқ қилиш функциясига эга бўлиб, ундан кейин хабарларни ҳеч қандай тарзда тиклашнинг иложи бўлмайди.
Аввалроқ дунёдаги энг қиммат компаниялар рейтинги эълон қилинганди. Шунингдек, Жефф Безос «Amazon» раҳбари лавозимидан қачон кетишини маълум қилганди.