Тошкент шаҳрида 29 июнь, сешанба куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) билан ҳамкорликда халқаро конференция ўтказилди. Унинг очилишида сўзга чиққан Сенат раиси Танзила Норбоева соҳага доир камчиликларни санаб ўтди, дея хабар берди «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Сенат раисига кўра, болалар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бир нечта мустақил давлат идоралари зиммасига юкланган. Шунингдек, улар ушбу соҳага иккиламчи вазифа, яъни қўшимча юклама сифатида қарамоқда.
«Гапларини эшитсангиз, улар бу бирламчи вазифамиз, деб айтишади. Вазифа бажарилиши таҳлил қилинадиган бўлса, бу иккиламчи вазифа экани яққол кўзга ташланади. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан болаларни жойлаштиришнинг оилавий ҳамда бошқа муқобил шаклларини жорий этишга етарли эътибор қаратилмайди. Республика бўйича патронатга берилган 901 нафар боладан 600 нафари, яъни 67 фоизи Бухоро вилояти ва Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Бошқа ҳудудларда бу кўрсаткич ниҳоятда паст даражада: Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Наманган вилоятларида патронатга умуман бола берилмайди. Бу ҳам ўйланадиган масала», — деди Танзила Норбоева.
У Васийлик ва ҳомийлик органи томонидан фарзандликка олувчи номзодларни рўйхатга олиш ва навбатни билишда ахборот технологиялари ривожлантирилмаганини таъкидлади. Номзодлар бевосита муассасага мурожаат қилиб маълумот олишга мажбур бўлаётганини айтди. 
«Қисқа қилиб айтганда, фарзандликка олиш жараёнида очиқлик, шаффофлик етишмайди. Мисол учун айтсам, жами 4055 нафар фарзандликка олиш истагида бўлган шахс фарзанд асраб олиш учун номзодлар сафида навбатга қўйилган. Биргина Тошкент шаҳар болалар уйидан фарзандликка олувчи номзод сифатида 518 нафар шахс рўйхатга қўйилган. Тарбияланаётган болалар сони 64 нафарни ташкил қилади. Бу ҳам бир муаммо», — деди раис.
Шулар билан бир қаторда, тарбия муассасаларида ногиронлиги бор болаларни тарбияга олиш (патронат) ишлари рағбатлантирилмасдан қолаётганини айтди. Қонун ҳужжатларида ногиронлиги бор бола оилага (тарбияга олинганда) унга нафақа тўлашнинг алоҳида қоидалари келтириб ўтилмаганини қайд этди.
«Патронатга олинган соғлом ва ногирон болага нафақа бир хил миқдорда қўлланади. Бундан ташқари, ногиронлиги бор болалар оилага тарбияга олинганидан сўнг уларнинг тутинган ота-онасига тиббий, ижтимоий жиҳатдан кўмаклашиш механизмлари ҳам яратилмаган. Шулардан келиб чиқиб, болаларнинг ҳуқуқий-қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш инситуционал ва қонуний асосларини тубдан такомиллаштириш мақсадга мувофиқ», — дея таъкидлади Норбоева. 
Етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун янги давлат муассасаларини ташкил этишга шошмаслик кераклиги айтилди. Болалар оилавий шароитда ўсиб, ота-онаси билан бирга катта бўлиши муҳимлигини қайд этди.
«Бу масалани ҳамма маҳаллий ҳокимликлар онгига етказиши керак. Бирданига болалар етим экан, деб Меҳрибонлик уйларини ташкил этамиз, қурамиз деган ақидадан воз кечишимиз керак. Биз Меҳрибонлик уйларининг сони кўплиги билан мақтана олмаймиз. Дунё рейтингидаги кўрсаткичларимизни бу кескин пасайтириб юборади. Қанча улар йўқ бўлса, камайса, болалар оилада тарбияланяпти, дейилса, рейтингимиз ошади. Умуман, гап рейтингда эмас, гап болалар тақдири ҳақида. Улар оилавий шароитда ўсиб, ота-оналари бағрида катта бўлишсин», — деди у.

Аввалроқ Сенат раиси Ўзбекистонда камбағаллик даражаси пасайиб бораётганини айтгани ҳамда Наманганда Танзила Норбоева қабулига келган мурожаатчини ИИБ ходимлари калтаклагани айтилган хабарга изоҳ берилгани хабар қилинган эди.