9:44 | 29.06.21 122

Мудофаа вазири ҳарбий ҳаво кучларининг тайёргарлигини текширди — видео

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги афғон ҳарбийлари чегарани бир неча бор кесиб ўтганини маълум қилганди

Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов 25 июнь куни ҳарбий ҳаво кучларининг тайёргарлигини текширди. Бу ҳақда вазирликнинг YouTube’даги саҳифасида хабар берилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, вазир қирувчи самолётга чиқиб, ҳаво ҳужумидан ҳимоя, шартли объектга зарба бериш ва учиш-қўниш шайлигини кўздан кечирган.

Маълумот ўрнида, Мудофаа вазирлиги 24 июнь куни ҳарбий округларда режага асосан қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотларни бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашгани сабаб 22 июнь куни ўзбек–афғон давлат чегараси вақтинча ёпилганди. Шу билан бирга, Афғонистон фуқароларига туристик визалар бериш ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилган.

Кейинчалик Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги вазият юзасидан расмий баёнот билан чиққан. Орадан тўрт кун ўтгач вазирлик иккинчи баёнотни эълон қилган, унда Ўзбекистон қўшни республикада кескинлик кучаяётганидан хавотирда экани айтилганди. Шунингдек, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистон чегарасини афғон ҳарбийлари бир неча бор кесиб ўтганини маълум қилган.