Қирғизистон ва Тожикистон чегара хавфсизлигини кучайтиришга келишиб олди
Тожикистон пойтахти Душанбеда Қирғизистон ва Тожикистон президентлари ўртасида 29 июнь куни бўлиб ўтган музокаралар давомида қирғиз-тожик чегараси масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, музокаралар чоғида қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича фикр алмашилган. Бундан ташқари, минтақавий хавфсизлик ва сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
«Биз барча чегара муаммоларини ҳал қилиш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олдик ва қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ишларни фаол давом эттирмоқдамиз», — дея таъкидлаган Қирғизистон президенти Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситаларига берган баёнотида.
Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, Қирғизистон Тожикистон билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият беради ва ташқи сиёсатида дўстлик ҳамда яхши қўшничиликка асосланган ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш бўйича илгари эришилган барча келишувларга содиқ қолади.
Қайд этилишича, шу муносабат билан томонлар чегараолди ҳудудларда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, маҳаллий аҳоли ўртасида этник адоват қўзғатишга қаратилган бузғунчи ҳаракатларни бостириш бўйича ишларни кучайтиришга келишиб олган. Қирғизистон томони юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш учун чегараолди қишлоқларда яшовчи ҳар икки томон оқсоқолларидан иборат Тинчликни сақлаш комиссиясини тузиш ташаббуси билан чиққан.
«Икки давлат халқлари фаровонлиги манфаати учун ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш ниятидамиз. Ишончим комилки, бугунги музокаралар натижалари қирғиз-тожик биродарлик муносабатлари ва шериклик алоқаларини ривожлантиришга янги ва муҳим туртки бўлади, шунингдек, келажак учун ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилайди», — дея қайд этган Садир Жапаров.
Аввалроқ Тожикистон ва Қирғизистон президентлари қирғиз–тожик чегарасидаги можарони муҳокама қилгани хабар берилган. Шунингдек, президентларнинг телефон орқали ҳам чегарадаги вазиятни муҳокама қилгани айтилганди.