Туркия президенти Ўзбекистонга келади
Туркия–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида Туркия вице-президенти Фуат Октай мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга келишини маълум қилди. Бу ҳақда «Anadolu» хабар берди.

Маълум қилинишича, Эрдўғон 2021 йил охиригача Тошкентга ташриф буюриши режалаштирилган. Бу масала 28 июнда Тошкентда ҳам муҳокама қилинган. Комиссия йиғилишида Октай икки томонлама савдо ҳажми ҳақида ҳам маълумот берган. Унга кўра, яқин йилларда савдо ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
«Товар айирбошлаш ҳажми 2021 йилнинг охирига келиб 4 миллиард долларни, 2023 йилга келиб эса 5 миллиард долларни ташкил этади», — деган Туркия вице-президенти.
Унинг таъкидлашича, ташриф якунлари бўйича икки туркий тилли давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришни назарда тутадиган 58 банддан иборат Ҳаракатлар режаси келишиб олинган.
«Мулоқотнинг муҳим жиҳатларидан бири, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида шартнома имзолашдир. Анқара Тошкентни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Бизнинг ҳамкорлигимиз ҳурмат ва ўзаро манфаат тамойилига асосланади. Ишончим комилки, 2021 йил Туркия–Ўзбекистон учун алоқаларини ривожлантириш йили бўлади», — деган Туркия вице-президенти.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Туркия вице-президенти Фуат Октайни қабул қилганди.