Туркманистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммити бўлиб ўтади
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг консультатив учрашуви 2021 йилда Туркманистонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Anadolu» хабар берди.

Маълум қилинишича, саммитни ташкил этиш масаласи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали суҳбатида муҳокама қилинган.
«Мирзиёев ва Бердимуҳамедов яқинлашиб келаётган саммитнинг кўп томонлама дастурини пухта тайёрлашга келишиб олди», дейилади хабарда. Қайд этилишича, президентлар, шунингдек, Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятни, шу жумладан, ушбу мамлакатнинг чегарадош шимолий вилоятларидаги ривожланиш масалаларини муҳокама қилган.
Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити офлайн форматда бўлиб ўтади. Маълумот ўрнида, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи консультатив учрашуви дастлаб 2020 йил августда Бишкекда бўлиб ўтиши режалаштирилган, кейинроқ кузга, коронавирус пандемияси сабаб 2021 йилга қолдирилган.
Аввалроқ Марказий Осиёда тадқиқотчи олимлар сони қанчага камайгани маълум бўлган. Шунингдек, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаганди.