Андижонда хориждан салкам 4 млрд сўмлик матоларни ноқонуний олиб ўтаётганлар ушланди
Андижон вилоятида хориждан умумий қиймати 3 миллиард 859 миллион сўмлик матоларни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Хабарга кўра, Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда пост ходимлари иштирокида божхона постига вилоятда фаолият кўрсатувчи масъулияти чекланган жамият номига хорижий мамлакатдан олиб келинган матолар божхона кўригидан ўтказилган. Текширув давомида божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган божхона юк декларацияси асосида ўтказилган божхона кўриги натижасида умумий қиймати 3 миллиард 859 миллион сўмлик матолар божхона тўловларини тўламаслик мақсадида ҳужжатларда кўрсатилмагани маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Бухоро аэропортида татуировка игналарини яширинча олиб киришга уринган аёл қўлга тушгани ва Тошкентда 6 миллиард сўмлик маҳсулотларни божхона тўловларисиз олиб кирмоқчи бўлган гуруҳ қўлга тушгани хабар қилинган.