Канадада рекорд даражада аномал иссиқлик кузатилмоқда
Канаданинг Британия Колумбияси провинцияси турли шаҳарларида сўнгги бир неча кун ичида 100 дан ортиқ одам юқори ҳарорат оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «CBC» хабар берди.

Маълум қилинишича, ўлганлар сони дастлаб 30 кишини ташкил қилган, аммо кейинчалик уларнинг сони кескин ошган. Ванкувер шаҳри полициясига 25 июнда жазирама ҳарорат сабаб 65 та тўсатдан ўлим ҳолати ҳақида хабар келиб тушган. Суррей шаҳрида 29 июнда иссиқлик билан боғлиқ 18 та ўлим қайд этилган ва бир кун олдин 20 киши вафот этган. Полиция ҳисоб-китобларига кўра, бундай ҳолатлар сони, одатда, кунига бешдан ошмаган эди.
Қайд этилишича, 28 июнда ҳарорат 47,9 даражани ташкил этган. 29 июнда эса ҳарорат бўйича янги рекорд ўрнатилган, иссиқлик кўрсаткичи 49,5 даражага етган.
Аввалроқ AҚШдаги штатлардан бирида 48 даража иссиқ сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинганди. Шунингдек, Глобал исиш ёз ойларидаги ўлим кўрсаткичини қанчага оширгани маълум бўлганди.