Самарқандда 2 эркак ИИБ ходимини уриб, жароҳат етказди
Самарқанд вилояти Нарпай туманида 8 июнь куни 2 нафар эркак ИИБ ходимини уриб, унга жароҳат етказди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 01:00 атрофида туманнинг Чархин маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Аниқланишича, тунги хизматга жалб қилинган туман ички ишлар бўлими профилактика инспектори маҳалла ҳудудидан ўтувчи йўлнинг четида тўхтаб турган «Nexia-2» ичидаги икки эркакдан ўзини таништириши ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини сўраган.
Фуқаролар профилактика инспекторига қўпол муомалада бўлиб, унинг қонуний талабларини бажармаган. Шунингдек, улар ходимни уриб, тан жароҳати етказган. Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда ИИБ ходимига қаршилик кўрсатиб, жароҳат етказган эркак ушлангани маълум қилинган. Шунингдек, Бухорода фуқаролар ўртасидаги жанжалнинг олдини олиш учун келган ИИБ ходимини урганларга жиноят иши очилгани хабар қилинган.