Афғонистонда сўнгги 12 йил ичида қанча тинч аҳоли ўлдирилгани маълум қилинди
Афғонистонда сўнгги 12 йил ичида «Толибон» ҳаракати томонидан қанча тинч аҳоли ўлдирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг Афғонистондаги мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси «Толибон» ҳаракати сабаб мамлакатда зўравонлик ҳолатлатлари кўпаяётганидан хавотирда эканини қайд этиб, охирги 12 йил ичида 38 минг тинч аҳоли ҳалок бўлганини очиқлаган.
«Биз ‘Толибон’ ҳаракатининг Афғонистондаги тинч аҳоли ва инфратузилмаларга қилаётган ҳужумлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида чиқаётган хабарларни ва бошқа манбаларни ҳам кузатиб боряпмиз, шу боис ҳаракат томонидан амалга оширилаётган зўравонликларни тўхтатишга чақирамиз, дунё Афғонистонда ўрнатилган тизимни қабул қилмайди», дейилади элчихона хабарида.
Маълумотларга кўра, Афғонистондаги зўравонликларнинг кучайиши нафақат 38 минг тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган, балки 70 мингдан зиёд одамнинг турли даражада жароҳатланишига олиб келган.
Қайд этилишича, АҚШ Афғонистон ва унинг халқига ёрдам беришга содиқ бўлиб, мамлакатнинг хавфсизлик ва мудофаа кучларини қўллаб-қувватлашда давом этади ва 2022 йилгача хавфсизлик учун 3 миллиард доллар ажратади.
Таъкидланишича, Қўшма Штатларнинг Афғонистондаги ҳолат юзасидан хавотир билдиришига ҳаракатнинг сўнгги икки ой ичида ҳужумларини кучайтиргани, шунингдек, хорижий қўшинлар чиқарилгандан буён 100 га яқин туманларни эгаллаб олгани сабаб бўлган.
Аввалроқ Афғонистон президенти тинчликка эришишнинг ягона йўлини айтган. Шунингдек, мамлакатдаги урушга ким айбдор эканини маълум қилганди.