«Эшикларни ёпиб юринг, суриялик иммигрантлар билан мулоқот қилманг». ИИВ интернетда тарқалган огоҳлантиришга изоҳ берди
Ички ишлар вазирлиги сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган огоҳлантириш хабари юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда 1 июль куни вазирлик Telegram каналида хабар берилди.

Интернетда тарқалган хабарга кўра, Ички ишлар вазирлиги фуқароларга мурожаат қилиб, эшикларни ёпиб юришни, суриялик иммигрантлар билан мулоқот қилмасликни таъкидлаган. Вазирлик бу маълумот ёлғон эканини ва аввал ҳам бу мазмундаги хабарларга изоҳ берилганини маълум қилди.

«Ҳурматли юртдошлар. Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда юқоридаги мазмундаги ёлғон хабарлар кенг тарқалмоқда. Бу ҳақда аввал ҳам бир неча маротаба муносабат билдирилган эди.
Бу каби хабарлар фуқаролар орасида ваҳима ва давлат органларига ишончсизлик уйғотиш мақсадида ўйлаб топилаётган бўҳтон ҳисобланади. Ички ишлар вазирлиги томонидан бу каби масалаларга оид хабарларни тарқатиш зарурати юзага келган тақдирда, вазирлик ўзининг расмий саҳифалари орқали мурожаат қилишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ ИИВ ҳимоя ордерини «орден» деб атаган ходима бўйича муносабат билдирганди. «Ходимамиз номидан узр сўрайман», — деб ёзади вазирлик матбуот котиби.