Президент ҳокимларга ваколатидаги бўш турган объектларни бир ойда савдога чиқариш вазифасини қўйди
Шавкат Мирзиёев вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ўз ваколатидаги бўш турган объектларни бир ой муддатда савдога чиқариш вазифасини қўйди. Бу борада давлат раҳбари 1 июль куни давлат активларини хусусийлаштириш соҳасидаги ишлар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишда таъкидлади, дея хабар қилмоқда Президент матбуот хизмати.

Хабарга кўра, Тошкент шаҳридаги 13 та йирик кўчмас мулк объекти ҳамда 11 та тармоқ корхоналаридаги давлат улушларини хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда, сотувга чиқариш зарурлиги таъкидланган. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ўз ваколатидаги 154 та бўш турган объектни бир ой муддатда савдога чиқариш вазифаси қўйилган.
Хусусан, ҳокимликлар томонидан сотувга чиқарилган мулклар сотилганда, ҳудудлар ихтиёрида қоладиган маблағлар улуши 73 фоиздан 87 фоизга ошириладиган бўлган. Бу маблағлар вилоят ва туманлар (шаҳар) бюджетлари ўртасида тенг тақсимланади.

«Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат корхоналари ҳамда банкларнинг асосий фаолиятга хос бўлмаган ва бўш турган объектларни тўлиқ қайтадан хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича топшириқ берилди», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда давлат улуши бўлган корхоналар сони камида 3 баробарга қисқартирилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ерга доимий эгалик қилиш ҳуқуқи бекор қилиниши маълум қилинганди.