АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистондаги энг йирик авиабазани тарк этди
АҚШ ҳарбий қўшинлари 20 йил давомида ҳарбий ҳаракатлар учун ишлатилган Афғонистондаги энг катта «Баграм» авиабазасини тарк этди. Бу ҳақда «Associated Press»га таяниб, «Anadolu» хабар берди.

Исмини сир тутишни хоҳлаган АҚШнинг икки расмий вакилининг маълум қилишича, «Баграм» авиабазаси аллақачон Афғонистон Хавфсизлик ва Миллий мудофаа кучларига топширилган.
Қайд этилишича, ушбу авиабаза Америка қўшинлари учун рамзий маънога эга бўлиб, НАТО ва АҚШнинг ҳарбий операциялари доирасида Афғонистонга юк, асбоб-ускуна ва ишчи кучини етказиб бериш учун муҳим пост бўлиб хизмат қилган.
Авиабазага Америка қўшинларининг фаолияти давомида Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп ташриф буюрган.
НАТО кучлари, хусусан, АҚШ 2021 йилнинг апрель ойи охирида Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлаган. Дастлаб барча қўшинларнинг республикани 2021 йилнинг 1 майига қадар тарк этиши режалаштирилган эди. Кейинчалик АҚШ президенти Жо Байден чиқиб кетишни 11 сентябрга қадар якунлаш режалаштирилганини эълон қилган.
Аввалроқ АҚШ Афғонистондан ҳарбийларнинг олиб чиқилишига оид янги маълумотларни маълум қилган. Шунингдек, қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқилиши қандай омилга боғлиқлиги айтилганди.