Исроил Ғазо секторига ҳаво ҳужуми уюштирди
Исроил мудофаа кучлари (ИМК) Ғазо секторидаги ҲАМАС объектларига қарата ҳаво зарбалари берди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги баёнотига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Келтирилишича, Исроил мудофааси ҳужумга Ғазо томонидан портловчи моддаларнинг учирилиши сабаб бўлганини айтган.
«Исроил мудофаа кучлари сектордан отилган портловчи моддалар сабаб ҲАМАСга тегишли қурол ишлаб чиқариш объектларига ҳужум қилди. Армия сектордаги ҳар қандай террор уринишларига қатъий қарши чиқади», дейилган Исроил армияси баёнотида.
Таъкидланишича, 1 июль куни Ғазодан Исроилга отилган портловчи моддалар оқибатида тўртта ўрмон ёнғини содир бўлган. Ўз навбатида, Исроил мудофаа кучлари турли сценарийларга тайёргарликни оширганини таъкидлаб, ҲАМАСнинг Ғазодаги объектларини нишонга олишни давом эттиришини қайд этган.
Маълумот ўрнида, Фаластин ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув 21 май куни соат 04:00 да (Тошкент вақти билан) кучга кирган эди.
Аввалроқ Исроил Ғазо секторига яна ҳаво зарбаси бергани ҳақида хабар берилган. Шуниндек, Исроилнинг Ғазога ҳужумлари оқибатида оилаларнинг йўқ қилиниши қасддан қилинган иш экани айтилган.