Қозоғистонда аҳоли чорва молларини оммавий равишда йўқ қилишга мажбур бўлмоқда
Бунга нима сабаб бўлгани айтилди
Шимолий Қозоғистонда яйловлар етишмаслиги сабабли қишлоқ аҳолиси чорва молларини оммавий равишда йўқ қилишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда «Астана» телеканалига асосланиб, «Tengrinews» хабар берди.

Маълум қилинишича, муаммо ерларни маҳаллий корхоналарга экин етиштириш учун берилгандан сўнг юзага келган. Хусусан, Березовка қишлоғида болаларини ҳисобга олмаганда 200 га яқин сигир бўлган. Ҳозир эса улар 30 га яқин қолган.
«Айни пайтда 10 бош отим бор, уларни овқатлантиргани 300 километр масофагача бораман. Қишлоқда яшашимизга қарамай, яйлов йўқ, пичан йўқ, атроф шудгорланган. Қишда отларимни боқиш учун бирор нарса тополмайман. Ўйлашимча, яқин орада отларимдан ҳеч нарса қолмайди. Уларни ўлдириб юборишади», — дейди маҳаллий аҳоли вакили Шарнияс Рустенов.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, минтақада яйловларнинг етишмаслиги деҳқонлар ерни оммавий равишда экин экишга мослаштиргани сабаб юзага келган. «Кўпчилик ушбу ерларни танлов орқали ютиб олган. Улар, албатта, ўз ерларидан фойдаланишни бошлаган. Шунинг оқибатида ҳозирги вазият юзага келди», — дейди Қизилжар вилояти Рошинский қишлоқ округи бош мутахассиси Бибигул Мусина.
Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг айтишича, айни пайтда Березовка қишлоғида тахминан 500 гектар майдон етишмаяпти. Қайд этилишича, амалдорлар 2021 йилнинг дастлабки ойларида 77 минг гектар ерни яйлов мақомига қайтарган. Березовкага келадиган бўлса, Қишлоқ хўжалиги бошқармаси чорва молларини ҳарбий полигон орқали боқиш имконияти тўғрисида музокаралар олиб боришга ваъда берган.
Аввалроқ Қозоғистонда номаълум касаллик оқибатида уй ҳайвонлари ҳалок бўлаётгани хабар берилган. Шунингдек, АҚШда қушларни нобуд қиладиган номаълум касаллик тарқалгани маълум қилинганди.