11:17 | 03.07.21 211

Мексика кўрфазида сув остида кучли ёнғин содир бўлди — видео

Ёнғинни ўчириш учун 3 та махсус кема жалб қилинган

Мексика кўрфазида сув остида Мексиканинг «Pemex» нефть-газ компаниясига тегишли қувур линиясида кучли ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда «Televisa»га таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Кадр: You Tube

Маълум қилинишича, «Ku-Charly» қувур линияси йирик «Ku Maloob Zaap» мажмуаси таркибида ишлайди ва кунига 95 минг баррель нефть қазиб оладиган энг йирик конлардан бири ҳисобланади.

Дастлабки маълумотларга кўра, 3 июль куни тонгги соат 4 да бошланган ёнғинга қувурларнинг биридан углеводород сизиб чиқиши сабаб бўлган. Жароҳатланганлар, шунингдек, вафот этганлар тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.

Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ёнғин 3 та махсус кема томонидан тахминан 2 соатда ўчирилган. Айни пайтда воқеа юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Лондондаги метро станцияларидан бирида кучли ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Москвада пиротехника воситалари сақланадиган омбор ёниб кетгани маълум қилинганди.