Афғонистоннинг Ғўр вилоятида юзлаб аёллар «Толибон» ҳаракатига қарши қурол кўтариб, намойиш ўтказди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг Афғонистондаги мухбири хабар берди.

Фото: Ғўр вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ғўр вилоятидаги маҳаллий расмийларнинг айтишича, аёллар «Толибон» ҳаракатига қарши афғон хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бу ҳаракатни амалга оширган. Вилоят матбуот хизмати 4 июль, якшанба куни расмий баёнотида юзлаб аёллар афғон хавфсизлик кучлари сафида хизмат қилаётган фарзандларини қўллаб-қувватлашини билдириш учун қўлларига қурол олганини айтган. Улар «Толибон» ҳаракатига қарши туришлари ва гуруҳнинг бошқарувни қайта эгаллашига йўл қўймасликларини билдирган.

Фото: Ғўр вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, аёллар «Толибон»нинг «қоронғи ва зулмат» даврини эслаб, уларнинг яна ҳукмрон бўлишини истамасликларини билдирган. Ўз навбатида, Ғўр ҳокими Абдул Зоҳир Файззода аёлларнинг мамлакат хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган. Ғўр губернатори эса буни «Толибон» ҳаракати устидан ғалаба қозонишнинг белгиси деб атаган.

Фото: Ғўр вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Ғўр вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Афғонистоннинг Жавзжон вилоятида ҳам аёллар «Толибон» ҳаракатига қарши қурол кўтарган эди.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистондаги туманлардан бирига жиддий зарба бергани хабар берилган. Шунингдек, мамлакатдаги 5 вилоятда «Толибон» ҳаракати ва ҳарбийлар ўртасида тўқнашув бошлангани маълум қилинганди.