АОКАда 6 июль, сешанба куни бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков мамлакатда 3000 дан ортиқ эмлаш марказлари ва 800 та мобил гуруҳлар ташкил этилганига қарамасдан, эмлаш даражаси пастлигича қолаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Нурмат Отабековга кўра, мажбурий эмлаш ғояси тўғри бўлиб, у бу борада Россия тажрибасини ўрганишни таклиф қилди.

«Карантин чекловларининг кучайиши фуқароларнинг иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатади. Қатъий чекловлар билан эпидемиологик вазиятни тезда барқарорлаштириш мумкин. Менинг фикримча, мажбурий эмлаш — тўғри ғоя. Чунки биз ўзимизни эмлаш орқали ҳимоя қиламиз. Эмланиш орқали биз нафақат ўзимизни, балки атрофимизни ҳам касалликдан ҳимоя қиламиз. Эҳтимол, Россиянинг тажрибасини қўллаш керак, у ерда эмланмаганларга иш жойига боришга рухсат берилмайди. Ўзбекистонда эмлаш бепул ва ихтиёрий», дейди — СЭОМ раҳбари ўринбосари.

У, шунингдек, Ўзбекистонда эмлаш билан аҳолининг 60−70 фоизида коллектив иммунитет шакллантирилмагунча вазиятни барқарорлаштириб бўлмаслигини айтди. «Афсуски, биз кунига 130−140 минг кишини эмлаяпмиз. Ҳозиргача Ўзбекистонда 4,2 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланган. Деярли 700 минг киши бутун эмлаш курсини якунлади. Бу — жуда кичик кўрсаткич», — деди Коронавирусга қарши кураш штаб аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зангиотадаги коронавирус марказлари беморлар билан тўлгани маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги «Ёшлик» спорт мажмуасида ковид-марказ қайта очилгани ҳақида хабар берилган.