Ўзбекистон 2021 йилда қурилиш моллари экспортидан қанча фойда кўргани айтилди
АОКАда 7 июль, чоршанба куни «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқарма бошлиғи Соҳиб Абулқосимов иштирокидаги брифингда 2021 йилнинг I ярим йиллигида тармоқ корхоналари томонидан 148,8 миллион доллар миқдоридаги қурилиш материаллари ва хизматлари экспорти амалга оширилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Соҳиб Абулқосимовнинг таъкидлашича, Президент қарори билан 2021 йилда соҳа корхоналарига 270 миллион доллар миқдорида қурилиш материаллари ва хизматларини экспорт қилиш прогноз кўрсаткичи белгиланган (бу 2020 йил прогноз кўрсаткичларидан 135 фоизга кўп). Жумладан, январь-июнь ойлари учун 130,3 миллион долларда экспорт қилиш режалаштирилган.
«2021 йилнинг I ярим йиллигида тармоқ корхоналари томонидан 148,8 миллион доллар миқдоридаги қурилиш материаллари ва хизматлари экспорти амалга оширилди, белгиланган прогноз (105 миллион доллар) 114 фоизга бажарилди. Бу 2020 йил жорий даврига нисбатан 144 фоизга ёки 45,2 миллион долларга кўп», — деди бошқарма бошлиғи.
У берган маълумотга асосан, 17,2 миллион долларлик керамик плитка ва керамика буюмлари, 14,6 миллион долларлик алюмин профиль ва панеллар,11,5 миллион долларлик ПВХ профиль, труба ва фитинглар, 10,4 миллион доллар керамик ғиштлар, 10 миллион долларлик цемент, 4 миллион долларлик гипсокартон, 3,9 миллион долларлик қуруқ қурилиш қоришмалари, 3,5 миллион долларлик обой, 1,8 миллион долларлик табиий пардозбоп тошлар каби қурилиш материаллар экспорти амалга оширилган.
Шунингдек, Соҳиб Абулқосимов 2020 йилга нисбатан керамик плиткалар 3,4 баробарга, гулқоғоз 2 баробарга, қуруқ қурилиш қоришмалари 4 баробарга, табиий пардозбоп тошлар 6 баробарга, иссиқлик сақловчи материаллар (минерал ва шиша момиғи) 2,5 баробарга, ойна маҳсулотлари 2 баробар кўп экспорт қилинганини айтди.
«Қурилиш материалларининг асосий экспорт бозорлари қўшни республикалар бўлиб, ушбу давлатларнинг улуши умумий экспортда қарийб 70 фоизни (66 фоиз)ни ташкил этмоқда. Хусусан, давлатлар кесимида кўриб чиқилса, Қозоғистонга 41,2 миллион долларлик, Тожикистонга 24,1 миллион долларлик, Қирғизистонга 20,6 миллион долларлик, Туркманистонга 5,9 миллион долларлик, Афғонистонга 6,5 миллион долларлик,
Россияга 10,3 миллион долларлик, Литвага 7,2 миллион долларлик, Туркияга 5,8 миллион долларлик, Украинага 3,5 миллион долларлик, Озарбайжонга 1,6 миллион долларлик қурилиш материаллари экспорти амалга оширилган», — деди Абулқосимов.
Аввалроқ Ўзбекистондаги қурилиш материаллари экспорти географияси кенгайтирилгани ҳамда қурилиш объектларида ишловчи айрим ходимларнинг маоши оширилиши хабар қилинганди.